
ССВ: Вазир байрам куни соҳа фидойилари ва уларнинг яқинлари ҳолидан хабар олди
Соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ тиббиёт фидойилари ва уларнинг яқинлари ҳолидан хабар олди. (https://telegra.ph/file/b9a5c04844cf13ccecb89.png)
Дастлаб коронавирус пандемияси даврида кўринмас ёвга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган Одилжон Неъматовнинг хонадонида бўлиб, унинг оила аъзолари ва фарзандлари билан суҳбатлашди.
Марҳум шифокор пандемия даврида Республика ихтисослашган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббий марказида ўпка сили жарроҳлиги бўлими мудири вазифасида меҳнат қилган.
Вирус тарқалиши кучайган вақтда мазкур муассаса юртимизда беморларни қабул қилувчи асосий марказлардан бири эди. Айниқса, ўпка пневмониясига чалинган кўплаб хаста инсонлар айнан О.Неъматов раҳбарлик қилган бўлимда оғир дарддан фориғ бўлган. Аммо тождор вирус фидойи шифокор ҳаётига чанг солди ва уни орамиздан олиб кетди.
Марҳум шифокор инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида кўрсатган фидокорлиги ва матонати учун 2020 йил давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизнинг юксак унвони — “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Вазир унинг яқинлари билан учрашув чоғида соҳага қарийб 20 йил умрини бағишлаган фидойи шифокорнинг хотираси қалбларда мангу яшаши, ибратли ҳаёти эса фарзандлари ва бўлғуси тиббиёт ходимлари учун намуна бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, А.Иноятов 90 ёшли фахрий шифокор Ҳамида Акилова хонадонида ҳам бўлиб, у билан мулоқотда бўлди.
Унда таъкидланганидек, шифокорлик ўта масъулиятли, шу билан бирга, шарафли касб. Оқ халатли нажот фаришталарининг биргина ширин сўзи бемор дардига малҳам бўлади.
— Тиббиёт ходими бўлиши осон эмас. Бунинг учун инсондан, энг аввало, фидойилик ва сабр-матонат талаб этилади. Сиз каби тажрибали устозлар бу борада бўлғуси тиббиёт ходимларига ҳар томонлама ўрнаксиз. Байрам муносабати билан сизга эзгу тилакларимизни етказаётганимиздан мамнунмиз, — деди вазир учрашувда.
Ўз навбатида 90 ёшли шифокор бугунги йўқловдан жуда хурсанд бўлганини таъкидлади. Вазир учрашувда Ҳ. Акиловага “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонини топширди.
Шунингдек, А.Иноятов 85 ёшли меҳнат фахрийси, тиббиёт фидойиси Саиджалол Баҳромов хонадонида ҳам бўлиб, у билан суҳбатлашди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор С. Баҳромов бу йил роппа-роса саксон беш ёшни қарши олди. Олим узоқ йиллик фаолияти давомида юртимизда гематология соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Минглаб беморларнинг хасталиклардан халос бўлиши йўлида илмий изланишлар олиб борди, соҳада янгиликлар яратди. Қолаверса, фаолияти давомида юзлаб шогирдлар етиштирди. Улар орасида тиббиёт фанлари докторлари ва фан номзодлари талайгина.
Суҳбат асносида тиббиёт фидойиси юртимизда шифокорлик касби улуғланаётгани, беморлар учун зарур шароитлар яратилаётганини таъкидлаб, бугунги эътибордан бениҳоя мамнун бўлганини билдирди.
Тиббиёт ходимларини мукофотлаш тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.