Assalomu aleykum!

Manzil:

Qarshi shahar, Islom Karimov ko'chasi, 85 uy

Пойтахтлик шифокорлар Туркиядан қандай илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди?

Мамлакатимиз Туркия билан тиббиётнинг кўплаб йўналишларида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий йил август ойида ўтказилган Ўзбекистон — Туркия соғлиқни сақлаш форуми бу борадаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.

Хусусан, ушбу тадбирда кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ўзаро талабалар ва мутахассислар алашинувини йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор икки томонлама меморандум ва шартномалар имзоланган эди.

Ана шу келишувлар ижроси доирасида бугунга қадар Бухоро давлат тиббиёт институти талабалари ҳамда юртимиздаги қатор даволаш муассасаларининг шифокорлари ва ҳамширалари ўқиш, малака ошириш, амалиёт ва стажировка ўташ учун Туркияга юборилди.

Яқинда эса пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи С. Хусанова бошчилигидаги ходимлар ҳам ушбу мамлакатда малака ошириб, илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди.

Туркияда истиқомат қилаётган 81 миллион нафардан зиёд аҳолига тиббиётнинг уч бўғини — оилавий поликлиникалар, туман касалхоналари ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари хизмат кўрсатади.

Мамлакатда тиббий туризм ривожланган бўлиб, беморлар асосан даволаниш, физиотерапевтик муолажалар олиш ва санаторий-курортларда дам олиш учун боради.

Қардош ўлка транспланталогия соҳасида ҳам етакчилардан ҳисобланади. Тиббиёт муассасаларидаги физиотерапия ва реабилитация бўлимлари инсульт ва турли жароҳатлардан кейин беморларнинг ҳаракатланишини тиклашга мўлжалланган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган.

Оилавий поликлиникаларда оилавий шифокор, оилавий ҳамширалар, амалиёт ҳамширалари ва доялар фаолият юритади. Хар бир оилавий шифокорга 4000 нафар ахоли бириктирилган.

Сафар давомида вакилларимиз Истанбул шаҳридаги “Bezmialem”, “Medipol” университетлари, Анқара шаҳар касалхонасида ҳам бўлиб, ушбу муассасаларда қўлланилаётган замонавий дигностика ва даволаш усуллари, тиббий технологиялар ҳамда асбоб-ускуналар имкониятлари билан яқиндан танишди.

Бир сўз билан айтганда, бундай алмашинувлар мутахассислар билим ва кўникмаларини ошириш, Туркия тиббиётининг илғор тажрибасини мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига кенг жорий қилишга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.