
Азиз юртдошлар, ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Аввало, Сизларни энг улуғ, энг азиз айём — Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” деган юксак ғоя йўлида Сиз, тиббиёт фидойиларининг аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги меҳнатларингиз ҳар қандай эътирофу таҳсинга лойиқ.
Маълумки, бугун мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида ижтимоий соҳанинг энг муҳим бўғини бўлган тиббиёт соҳасини бутунлай трансформация қилиш, уни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Бирламчи тизимдан тортиб, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам йўналишигача ҳар бир соҳани халққа янада яқинлаштириш, “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бош мезонга айланган.
Буни биргина юртимизда қисқа даврда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайраларда трансплантация амалиётлари, эпилепсия касаллигида чип ўрнатиш ва умуртқа поғонаси қийшиқлиги радикал коррекцияси каби ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказишнинг йўлга қўйилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Қолаверса, куни кеча пойтахтимизда фойдаланишга топширилган Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази каби муассасалар тиббиётимиз тарихида бутунлай янги саҳифа очди.
Биргина Миллий тиббиёт марказини олсак, ушбу муассаса тиббиётимизда биринчи марта хирургия, урология, трансплантология, травматология-ортопедия, гинекология, кардиохирургия, нефрология, кардиология, эндокринология, кардиоревматология, стоматология каби ўнлаб бўлимларни ўз ичига олган ноёб мегалойиҳа бўлди. Бу ерда йилига уч мингдан зиёд юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш мумкин.
Шунингдек, барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши орқали йиллар давомида фалаж аҳволда бўлган ЛОР тизимини янгидан ривожлантиришга мустаҳкам пойдевор қўйилди.
Энг муҳими, тиббиётни янада халқчил соҳага айлантириш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш борасидаги ишлар бундан кейин ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади.
Ана шундай баланд марраларга эришишда Сиз, азиз шифокору ҳамшираларнинг фидокорона меҳнатингиз, куч-ғайратингиз, билим ва тажрибангизга таянамиз.
Ҳурматли тиббиёт фидойилари!
Сизларни яна бир бор Мустақиллик байрами билан самимий қутлайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик тилайман! Жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин!
Амрилло ИНОЯТОВ,
Соғлиқни сақлаш вазири.