“Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари пайдо бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимларини киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида давлат тизими доирасида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К.Шодмонов):

психиатрия ёрдамини олиш имконияти, унинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий ҳолатлар бузилишининг ижтимоий ва иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек, аҳолининг кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига эришиш мақсадида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини янада мақбуллаштириш юзасидан таъсирчан чоралар кўради;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига руҳий ҳолатлар бузилишига ташхис қўйиш ва уларни даволаш клиник протоколларини жорий этади;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни замонавий юқори самарали дори воситалари билан таъминлаш бўйича чоралар кўради;

иш вақтини хронометраждан ўтказиш орқали аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этадиган мутахассислар иш ҳажми нормативларини келгусида штат нормативларига ўзгартишлар киритган ҳолда қайта кўриб чиқади;

Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот тақдим этган ҳолда, уларнинг сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши устидан мониторинг ўтказилишини таъминлайди;

Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросига, шунингдек, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилишга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни мунтазам тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш юзасидан чоралар кўради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва киритишда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланишини назарда тутади.

About the Author :

START TYPING AND PRESS ENTER TO SEARCH