Сенинг ҳаётинг — ўз қўлингда.

“Турмушда маълум бир қоидаларга амал қилиб яшаган одам юз йилдан кўпроқ умр кўриши мумкин” дейишади қадимги донишмандлар. Қолаверса, табиат инсон учун барча шарт-шароитларни яратиб қўйган. Масалан, дарё ва булоқлар суви чанқоғингизни қондиради, шифобахш гиёҳлар вужудингиздаги дардларни эритади, мева ҳамда сабзавотлар танага қувват беради. Улардан фойдаланмасдан туриб соғлиқ ҳақида гапириш қийин.

Аввало киши ўз қизиқишларига мос  келадиган юмушлар билан шуғулланиши лозим. Шундагина ишда омадга  эришади, уйига барака оқиб киради. Завқ билан қилинган меҳнат инсон фикрини чуқурлаштиради, дунёқаришини бойитади, вужудини ёшартиради. Унутмангки, айнан меҳнатдан завқ олиш жараёнида  феълу-атворингиз янада яхшиланади, оламга муҳаббат кўзи билан қарайсиз, ўзни изланишга чоғлайсиз.

Инсон ҳар бир нарсада меъёрни сақлаб, парҳезкор бўлгани маъқул. Дастурхон бошида таомни кўп еманг, кўкатлар (ошкўклар) ва хом сабзавотларни ҳам оз-оздан истеъмол қилингки, улар ҳазмга ёрдам беради.

Ҳар куни бир вақтда овқатланишга одатланинг. Вақт-бевақт таом ейиш, шўр ва аччиқ нарсаларга ружу қўйиш тананинг мутаносиблигини бузади ва уни зўриқтиради. Овқатланишда ҳамиша меъёрни сақланг, бу саломатлигингизга  кафолатдир.

Билиш лозимки, ичкиликбозлик ва кашандалик ақлни заифлаштиради, турли балоларга гирифтор этади, наслни бузади, соғлиққа путур етказади.

Хушфеъл ва мулойим феълли инсонлар узоқ яшайдилар. Сиз ҳам яратгандан ўзингизга руҳий баркамоллик сўранг. Унутмангки, ҳасад, шубҳа, очкўзлик, адоват, хиёнат, ёлғончилик ва бемеҳрлик қалбдаги покликка қарши турувчи қусурлардир. Агар шу иллатлардан бирортаси сизда бор бўлса хотиржамлигингиз бузулур. Айни вақтда шу қусурлар туфайли юрак иши издан чиқади, мия толиқади, руҳияти азият чекади, жиззакилик авж олади.

Битта ҳақиқат мавжуд, у ҳам бўлса “Саломатликнинг катта бойлик эканлигидир”.  Шундай вақтда сиз соғлиққа қарши турувчи ҳар бир нарсадан воз кечинг. Қадимгилар ҳикматига кўра ҳалол ризқ-насибанинг саломатлик учун хосияти беқиёс. Чунки ҳалоллик ҳеч қачон кишига руҳий зўриқиш бермайди, мижозни бузмайди, юракка зиён етказмайди. Бир сўз билан айтганда,ҳалоллик аслида доноликнинг ўзидир.

Соғлом одам ҳамиша интилишда бўлади, орзу қилишдан тўхтамайди. Хаста ва ҳафсаласиз киши аста-секин ҳамда пала-партиш бажарадиган юмушни соғлом одам зўр иштиёқ билан уз марамига етказиб адо этади.Танаси ҳамда рухи соғлом одамга орзулар куч беради , вужудини  ёшартиради , оқибатда ҳар қандай касалликлар бундай одамдан чекинади.

Энг кўп умр кўрган одам-руҳан ва жисмонан соғлом кишидир. Улар соғлом насл қолдиради , узоқ вақтгача  ақл-идрокини  мувозанатда сақлаб , ҳаётдан  завқланиб яшайди. Демак чинакам бахтли  ,  тириклик оламида сабр билан табиатни эъзозлаб , борлиқдан қувват олиб яшайдиган инсонлар “Мен юз ёшга кираман” десалар асло ҳайратга тушманг. 

Тадқиқотлар кўра, ХIХ асрнинг иккинчиярми ва ХХ аср бошларида маърифатпарвар аждодларимиз яратган педагогик асарларнинг аксариятида болани жисмоний соғлом этиб тарбиялашга  алоҳида эътибор қаратилган.

    Жумладан, бу борада Абдурауф  Фитратнинг ижтимоий тарбия негизида жисмоний тарбияни ташкил этиш, шахсни саломат ва бақувват этиб тарбиялаш масалаларига оид қарашлари диққатга моликдир. Унинг “Раҳбари нажот” асарининг “ Бола тарбияси “ номли бобида шундай дейилади: “ Бадан тарбиясига қадим замонлардан бошлаб катта аҳамият берилган. Инсоннинг бутун аъзоси саломат ва қувватга эга бўлмаса, унда инсон узоқ яшамайди.

    Агар инсоннинг танасидаги аъзоларидан бирига халал тегса,у киши ишдан қўлини тортиб,бошқаларнинг муҳтожига айланади”.

    Ҳамма ҳам соғлом, тетик ва бақувват бўлишга, ўз ёшлиги, ҳусни ҳамда ишчанлик қобилиятини сақлашга ҳаракат қилади. Бунга эришишнинг асосий омилларидан бири жисмоний ҳаракат саналади.

   Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, айни вақтда, мамлакатимизда жисмоний жиҳатдан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Чунончи, Ўзбекистон  Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги  Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг  “Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу йўналишда амалга оширилиши кўзда тутилган муҳим вазифалар ўз ифодасини топган.

   Албатта, барчанинг ҳам юқори малакали спортчи бўлиши,мусобақаларда қатнашиб, мукофотлар олиши шарт эмас.  Лекин, инсон мунтазам равишда ўз имкониятидан келиб чиқиб спорт билан шуғулланиши, жисмоний чиниқиши кони фойда.  Ёки ҳар куни бажариш имкони бўлган 15-20 дақиқалик эрталабки бадантарбия машғулотлари, 40-60 дақиқа давомида очиқ ҳавода пиёда юриш, тунги уйқу олдидан 20-30 дақиқалик сайр қилиш ҳам,албатта,бундай истаклар рўёбига киради.   

      Замонавий тиббиёт инсоннинг жисмоний меҳнатга бўлган  кам ҳаракати туфайли  унинг саломатлик даражасининг пасайиши,  ички аъзолар  фаолиятининг  бузилиши, ишлаш қобилиятининг паст  кўрсаткичи  ва  талаб даражасида  бўлмаган  жисмоний  ривожланиш каби  ҳолатларнинг мавжудлигини  кўрсатмоқда.  Зеро,  қадимги  файласуфларнинг, кишини  ҳушсизлантирувчи  ва  соғлигига  шикаст  етказувчи нарса узоқ вақт ҳаракат қилмасликдир, деган фикрлари  боиси  ҳам  шунда.

      Буюк ҳаким Абу Али ибн Синонинг: “Бадантарбия – соғлиқни сақлашда улуғвор усулдир”, деган ўгити ҳар бир инсоннинг ҳаётий шиорига айланса, киши ҳеч қачон касалликка чалинмайди.

    Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш ўсиб келаётган авлодни баркамол бўлиб вояга етиши, шу билан бирга, уларнинг бўш вақтдан унумли фойдаланишига имкон беради. Инсон организми ташқи муҳит билан уйғун, бир бутун ҳолда ривожланади.  Ушбу уйғунлик, шунингдек, барча аъзолар фаолиятини марказий асаб тизими бошқариб туради. Доимий, узлуксиз равишда бажариладиган  жисмоний ҳаракат киши соғлигига яхши таъсир этади:  модда алмашинуви яхшиланади,  организм  тўқималари озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради,  парчаланган моддалар организмни тезроқ тарк этади.

     Эрталабки бадантарбия машғулотлари билан барча ёшдаги кишилар шуғулланиши мумкин.  Машғулотлар узлуксиз,  доимий равишда бажарилгандагина ижобий натижа беради.  Узоқ  муддатли  танаффус эса олдинги машғулотлар таъсирининг пасайишига олиб келиши мумкин. Демак,ўз организмини чиниқтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, соғлиқни мустаҳкамлаш асосида узоқ умр кўришни истаган ҳар бир киши доимо жисмоний тарбия билан шуғулланиши, шунингдек,кундалик фаолиятини муайян тартиб асосида олиб бориши зарур.

    Аслини олганда,ҳаракат учун  энергия  зарур, энергия эса озиқ-овқат маҳсулотлари,ёғ ва углеводларни қайта ишлаш йўли билан олинади. Ҳаракат нафас, қон томирлари,овқат ҳазм қилиш,қон ишлаб чиқариши тизимларини такомиллаштиришга ёрдам беради.

     Шу сабабли,фаол жисмоний ҳаракат қиладиган кишилар руҳи енгил,тетик, қувватга тўлган, дили равшан,кайфияти юқори ва барқарор бўлади.

     Жисмоний машқларни бажариш натижасида организмнинг  ҳимоя тизими яхши ривожланади. Шу ўринда физиолог-олимлар томонидан 200 нафардан ортиқ киши иштирокида ўтказилган тадқиқот натижасини мисол сифатида келтириш мумкин. Жисмоний машқлар билан доимий равишда ва изчил шуғулланувчи кишиларнинг ҳис-туйғулари даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган  мазкур тадқиқотнинг кўрсатишича,тажрибада иштирок этганларнинг 72 фоизи ўзини жуда бахтиёр деб ҳисоблайди. Бунинг сабаби сифатида улар айнан узлуксиз равишда жисмоний машқлар билан шуғулланишини қайд этади.

    Болалик, ўсмирлик давридан бошланган чиниқиш машғулотлари,айниқса, фойдалидир. Ҳар бир киши ўз организмини мустаҳкам режимга ўргатиши зарур. Бадантарбия, очиқ тоза ҳавода сайр қилиш,спорт ўйинлари каби чиниқтирувчи машғулотлар билан шуғулланиш узоқ умр кўриш ва саломатликни таъминловчи омиллардандир.

    Бундан ташқари,бизнинг нисбатан иссиқ иқлим шароитимизда ноанъанавий усуллар билан ҳам организмни чиниқтириш мақсадга мувофиқдир. Хусусан,турли хил оёқ ванналари, туз ва тош йўлакчаларида юриш,шунингдек, уйқудан олдин ва кейин очиқ ҳавода сайр қилиш сингари чиниқтириш усуллари организм иммун тизимининг фаолиятини кучайтиради.

    Бир сўз билан айтганда,саломатлик одамнинг руҳий сокинлиги ва ташқи муҳитнинг зарарли таъсирларига қарши тура олиш қобилиятидир. Чиниқиш эса организмни сув, қуёш ва ҳаво таъсирида секин-аста мослаштира бориш механизми саналади. Соғлом турмуш кечириш учун,албатта,организмни турли табиий муҳит шароитларида чиниқтириш лозим. Буни, айниқса, ёшларимиз онгига сингдириш зарур. Зеро,болалик,ўсмирлик давридан чиниқиш бир умр соғлом яшаш,узоқ умр кўриш гаровидир.

About the Author :

Leave a Comment

START TYPING AND PRESS ENTER TO SEARCH